Dars ishlanmalar | Tilshunoslik
Ҳозирги ўзбек тилида қўшма гапларнинг субстанциaнал (зотий) талқини
I БОБ
ҚЎШМА ГАПНИНГ ТАБИАТИ, ҲОЗИРГИ ЎЗБЕК ТИЛИДА
УНИНГ ЎРГАНИШ ДАРАЖАСИ ВА БУНДАН КЕЛИБ
ЧИҚАДИГАН ВАЗИФАЛАР
1- бўлим. Қўшма гапларни ўрганиш тарихидан
Аниқки, синтаксиснинг текшириш объекти ҳақида ҳар хил фикрлар мавжуд. Дунё тилшунослари бу ҳақда мулоҳазаларини билдирар эканлар, унинг тадқиқ объектини ё торайтириб, ё кенгайтириб юборганлар. Йиллар давомида бўлган мунозаралар шуни кўрсатадики, А.И.Смирницкийнинг сўз бирикмалари боғланиш қоидалари ва бу боғланишлардан гaп тузиш қоидаларини ўрганувчи фан[1] деб берган содда, аниқ таърифи ҳақиқатга яқинроқ. Биламизки, синтаксис грамматиканинг бўлими сифатида икки қисмга бўлинади: 1) сўзларнинг грамматик боғланиш усуллари ҳақидаги таълимот ёки сўзлар бирикмалари ҳақидаги таълимот ва 2) гап ҳосил бўлиши ҳақидаги таълимот. Гап ҳосил бўлишини тадқиқ этувчи таълимотни икки бўлимга ажратиш мумкин: а) гап, содда гап (унинг бирликлари ва б.) ва б) қўшма гап ҳақида таълимотлар. Қўшма гап ҳақидаги таълимот узоқ ва қизиқарли тарихга эга (туркология, хусусан, ўзбек тилшунослигида қўшма гап таълимоти ҳақида қуйида маълумот берилади). Ғарб тилларида, славян тилларида қўшма гап ҳақидаги таълимот нуқталари деярли бир хил. Бу таълимотлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун қисқача маълумот берамиз.
Дунёда кенг тарқалган инглиз тили грамматикалари, асосан, XVI асрнинг охиридан бошлаб пайдо бўла бошлаган. Ўрта асрлар антик ва лотин грамматикалари гап ҳақида таълимотни яратмаган эдилар. Мантиқ фани таъсирида гапнинг тугал фикрни ифодаловчи шакл эканлиги ҳақида таърифи вужудга келади. Биринчи инглиз грамматикасида (1585) синтаксис бўлими йўқ эди. Гап ҳақида фикр боғловчилар бобида, уларнинг таърифида берилади.
Б.Джонсон ва Бутлерларнинг (XVII асрнинг биринчи ярми) грамматикаларида пунктуация қоидаларига боғлиқ равишда гап ҳақида тушунча келтирилади, холос.
XVII аср иккинчи ярмида К.Купер томонидан яратилгаи грамматика ва ўқув қўлланмада пунктуация қоидалари изоҳланишида содда ва таркибли гаплар тушунчалари ҳақида фикр боради. Купер бу янги тушунчалар билан бир қаторда бош феъл, бош гап, тобе гаплар ёки гап қисмлари каби тушунчалари билан ишлайди. Содда ва таркибли гаплар тушунчалари қўшма гап ҳақидаги таълимотда XIX асрнинг ўрталаригача яшайди, тобе қисмлар ва гаплар ҳамда бош гаплар ва феъллар тушунчаларидан XIX асрнинг ўртасидан инглиз грамматиклари фойдалана бошлайдилар.
[1] Смирницкий А.И. Синтаксис английского языка. М., 1957. 48 стр.
🔍
Izlaganingizni topa olmadingizmi?