Kurs ishlari | O'zbekistonning eng yangi tarixi
“Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” ўқув фанининг предмети, мақсади ва вазифалари, назарий-методологик тамойиллари
1- мавзу: Кириш.“Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” ўқув фанининг предмети, мақсади ва вазифалари, назарий-методологик тамойиллари
Тарих фани ижтимоий тараққиёт ва ўтмишга оид ҳар хил воқеа-ҳодисаларнинг изчил ривожланиши, уларнинг қачон, қаерда, қандай ҳолатда юз берганлиги, инсониятнинг пайдо бўлиши ва унинг тадрижий-эволюцион ривожланиш жараёни ва бошқаларни ўрганади. Шунингдек, Ўзбекистон тарихи умумжаҳон-инсоният тарихининг ажралмас қисми ҳисобланиб, у оламшумул воқеликларга жуда бой. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани яқин тарихни, сўнгги ярим асрдан камроқ вақтни холисона ва ҳаққоний ўрганади.
Тарихий ҳақиқат тўла рўёбга чиқиши, ҳаққоний тарих ёзилишида тарих фанининг предмети ва объектини тўғри белгиланиши ўта муҳим аҳамиятга эга. Чунки, Ўзбекистоннинг энг тарихи фани учун ҳам бошқа барча фанлар қатори предмет ва объект масаласи асосий масала бўлиб ҳисобланади. Зеро, фан унинг ўрганиш предмети ва объекти аниқ бўлмаса, унинг олдидаги вазифа ноаниқ бўлиб, мақсадга эришиш мушкул бўлади.
Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани ўз хусусиятига кўра, биринчидан, ўзининг бутун диққат эътиборини фақат яқин ўтмишга қаратади, ундан сабоқ беради, хулоса чиқаради, ёш мустақил давлатнинг ҳаёт йўлини кўрсатади.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани бошқа ижтимоий фанларга нисбатан аниқ фан. У математика усулидан кенг фойдаланади. Воқеа ва ҳодисалар қатъий аниқликда, даврий кетма-кетлик-хронологик асосда ўрганилади.
Учинчидан, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани кўп қирралик ва хилма-хиллик хусусиятига эга. Унинг ўрганиш предметига эса, мана шу макондаги жамики хилма-хил воқеа ва ҳодисалар, улардаги умумий алоқадорлик ва яхлит бирлик ҳамда қонуниятлар ҳодисаси ва жараёнлар, умуман, халқ ва инсоннинг яратувчанлик фаолияти киради. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фанининг ўрганиш макони-объекти Ўзбекистоннинг мустақиллик даври тарихидир.
Объект аниқ тарихий давр, макон, замон ва географик минтақавий чегаралар, маълум бир халқ, миллат, мамлакат тарихи билан боғлиқ бўлиб, шулар доирасидаги воқеа ва ҳодисаларнинг бир бутун ва яхлитликда ўз ичига олади. Предмет эса мана шу бир бутун объект ичидаги аниқ тарихий-маданий, ижтимоий-иқтисодий жараёнлардан иборатдир.
Тарих фани бошқа, айниқса, ижтимоий-гуманитар фанлари билан мустаҳкам ва узвий алоқа бирлигида ривожланади. Шунинг учун ҳам, тарихчилар фалсафани, адабиёт ва тилни, диншуносликни ва бошқа фанларни билмай туриб, ҳаққоний тарихни тўла ёритиб беролмайдилар.
Шуни ҳам айтиш лозимки, тарих билан бошқа ижтимоий- гуманитар фанларнинг ўрганиш объекти битта яъни жамиятдир. Предмети эса инсон ва табиат. Шунинг учун ҳам бошқа фанлар тарих фани тараққиётига, тарихий ҳақиқатларнинг рўёбга чиқишига бевосита ёрдам беради. Шунингдек, тарих фани ҳам бошқа соҳа фанлари ривожига катта таъсир этади. Аммо, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тарих бошқа фанларни, шунингдек ижтимоий-гуманитар фанларнинг ҳам тарихидир. Чунки бошқа фанларнинг ҳаммаси ҳам, тарих маҳсулидир.
Хулоса шуки, тарих фани яъни, Ўзбекистон тарихи миллат ва Ватан тақдирини равнақ топишида муҳим аҳамиятга эга. Масаланинг моҳияти шундаки, биринчидан, ижтимоий-гуманитар фанларнинг ривожланиши ҳар жиҳатдан тарих фанининг нақадар ҳаққоний бўлишига боғлиқдир. Чунки улар тарих билан бевосита боғлиқ. Иккинчидан, тарих фалсафаси қанчалик тўла ва равон юзага чиқса, бошқа ижтимоий-гуманитар фанларнинг мазмун ва моҳияти ҳамда таъсирчанлиги ҳам шунча юксак даражада бўлади.
Тарих фалсафаси деганда, тарих яъни ўтмиш тажрибаси ва сабоғидан тўғри хулоса чиқара олиш тушунилади. Бошқача айтганда, ўтмиш-тарихга қараб, келажакни тўғри белгилай олиш ҳам тарих фалсафасини англашни билдиради.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда тарих фани собиқ мустабид тузум мафкурасидан воз кечиш, янги ёндашувлар билан боғлиқ ўзгаришларга юз тутди. Фан тараққиёти ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш Ўзбекистон тарихчилари зиммасига жаҳон амалиёти ютуқларидан келиб чиқиб, тарих фанини янада юқори илмий-назарий даражага олиб чиқиш ҳамда янги илмий йўналишларни ўзлаштириш каби вазифаларни юкламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори кенгаш ишидаги камчиликларни бартараф этиш ва уни янги поғонага кўтариш ҳамда бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ҳужжатлардан биридир.
Қарорда Жамоатчилик кенгаши олдига Ўзбекистоннинг энг янги тарихини тизимли, ҳаққоний ва холис тарзда ўрганишни ташкил этиш, янги авлод илмий ва ўқув-услубий адабиётларни яратиш ҳамда мамлакатимизнинг дунёдаги ўрни ва ролини кўрсатишга қаратилган қатор вазифалар қўйилган. Мазкур ҳужжатда кўрсатилган вазифаларни бир-бирини тўлдирувчи икки йўл орқали рўёбга чиқариш лозим. Биринчи йўл – янги авлод илмий ва ўқув адабиётларини яратиш. Иккинчи йўл – мавжуд билимларни ёшларга тарғиб этиш ва ўқитиш.
Ўзбекистоннинг энг янги тарихи ҳақида сўз юритилганда, биз учун, аввало, мамлакатимизнинг 1991 йилдан кейин босиб ўтган тарихий йўли моҳияти ва мазмунини англаб етиш муҳимдир. Бу жараён қандай борганлигини, мамлакатимиз мустақиллик арафасида ва унинг дастлабки йилларида қандай муаммоларга дуч келганини тушуниб етиш муҳим. Ўзбек жамиятида қадимги даврлардан бери айрим демократия унсурлари: ўзини ўзи бошқаришнинг жамоа шакли, маҳалла йиғинлари, оқсоқоллар кенгашлари ва халқ дипломатияси мавжуд эди. Бироқ ҳозирги кунда ушбу институтлар томонидан анъанавий функциялар бажарилишининг ўзи билан қаноатланиб бўлмайди. Биз уларнинг фаолиятини ҳозирги давр талабларига мос янги мазмун билан тўлдиришимиз мақсадга мувофиқдир.
Ривожланган демократик давлатларда сиёсий партиялар фуқаролик жамиятининг энг муҳим институтларидан бирини ташкил этади. Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов фуқароларнинг давлат ва жамиятни бошқаришда кенг иштирок этишини таъминловчи сиёсий институтларнинг хилма-хиллигига асосланган янги демократик тизим негизларини шакллантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратган.
Собиқ тузум даврида давлат ва яккапартиявийлик тизими шахс устидан ялпи ҳукмронлигини ўрнатган эди. Фуқаронинг ҳуқуқий ҳимояланмагани, бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усуллари, ҳар қандай муқобил фикрлашнинг тазйиқ остига олиниши кўп одамларда чорасизлик туйғусини уйғотиб, реал ҳаётдан узоқлашиш истагини оширди. “Сиёсий аутсайдерлар” деб аталувчи кишилар сонининг ўсиши, жамиятда ижтимоий пессимизм ва боқимандаликнинг кучайишига сабаб бўлди.
🔍
Izlaganingizni topa olmadingizmi?